ЖССМ тарихи
ЖССМнинг асосиймақсади соғлиқни сақлаш тизимига юқори малакали соғлиқни сақлашни бошқариш ва жамоат соғлиғини сақлаш мутахассисларини магистратура ва докторантура орқали тайёрлаш, тиббиёт ходимларини малакасини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича соғлиқни сақлаш амалиётига илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ этишдан иборат.
Жамоат соғлиғини сақлаш мактабида асосий ва қўшимча таълим дастурлари мавжуд бўлиб, асосий дастур икки йўналишдаги магистратура мутахассисларини тайёрлашдан иборатдир:
- 5А510115 – Соғлиқни сақлашни бошқариш ва жамоат соғлиғини сақлаш (Master of PublicHealth (MPH) and Master of Health Administration (MHA));
- 5А510701 – Олий ҳамширалик иши (Master of Science Nursing (MSN)).
ЖССМдаги икки йиллик магистрлик дастурлари мамлакатимизнинг соғлиқни сақлаш тизими эҳтиёжларини эътиборга олган ҳолда, шунингдек Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари ҳамда Европа ва Америка жамоат соғлиғини сақлаш мактаблари, Кентукки Университети (АҚШ), Браун жамоат соғлиғини сақлаш мактаби (Исроил), Лондон гигиена ва тропик касалликлар институти (Буюк Британия)нинг дастурлари асосида ва етакчи мутахассислари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.
Охирги 10 йил давомида (2005-2014 йиллар) ЖССМ магистратура мутахассисликларини 97 нафар талабалар битириб, улардан “Соғлиқни сақлашни бошқариш ва жамоат соғлиғини сақлаш” йўналиши бўйича 41 нафар мутахассис, “Олий ҳамширалик иши” йўналиши бўйича эса 56 нафар мутахассислар битириб, дунёнинг Халқаро ташкилотлари (World Health Organization Regional Office for Europe, Quality Improvement Family Health International, Washington D.C. USA) ҳамда Республикамиз соғлиқни сақлаш тизими муассасалари ( Республика соғлиқни сақлаш вазирлиги,“Саломатлик-3” проектини амалга ошириш марказий бюроси, Республика саломатлик ва тиббий статистика институти ва унинг филиаллари, Вилоят, шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари,Туман тиббиёт бирлашмалари, Давлат санитария эпидемиология назорати марказлари, тиббиёт олий ўқув юртлари, тиббиёт коллежлар)да ўз фаолиятларини олиб бормоқдалар.
Шунингдек ЖССМнинг асосий таълим дастури бўйича қуйида келтирилган фанлардан, Тошкент тиббиёт академияси магистратура таълим босқичининг барча мутахассисликлари талабаларига ЖССМ ходимлари томонидан амалий машғулот ва маърузалар тарзида дарслар олиб борилади:
- Илмий ижод методологияси (Далилларга асосланган тиббиёт );
- Соғлиқни сақлаш менежменти ва иқтисодиёти;
- Тиббий ёрдам сифатини ошириш;
- Махсус фанларни ўқитиш услубиёти.
ЖССМнинг қўшимча дастурлари асосида Республика тиббиёт олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинининг умумий амалиёт шифокорлари, менежерлари, соғлиқни сақлаш муассасаларининг рахбарлари қуйидаги фанлар бўйича малакаларини оширади ва уларга белгиланган тартибда сертификатлар берилади:
- Далилларга асосланган тиббиёт ва клиник эпидемиология;
- Соғлиқни сақлаш менежменти ва иқтисодиёти;
- Тиббий ёрдам сифатини ошириш;
ЖССМда асосий ва қўшимча таълим дастурлари фанларининг ўзлаштирилиш сифатини ҳамда самарадорлигини ошириш мақсадида Дунёнинг етакчи Университетлари профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда дарсликлар, ўқув адабиётлари яратилди. Жумладан, АҚШ Бостон Университетининг Жамоат соғлиғини сақлаш мактаби профессори Ла Морт билан “Клиническая эпидемиология – основы доказательной медицины”, АҚШнинг Family Health International ташкилотининг сифат бўйича консультанти Б.Буше билан “Руководство по Повышению Качества в Здравоохранении” ўқув қўлланмалариси яратилди. Шунингдек профессор Б.Маматқулов томонидан “Жамоат саломатлиги ва соғлиқни сақлашни бошқариш” номли дарслиги 2014 йил “Йилнинг энг яхши дарслиги ва ўқув адабиёти муаллифи” республика танлови ғолиби деб топилиб, Олий ва ўрта махсус, Халқ таълими Вазирликлари ҳамда “Истеъдод” жамғармасининг I-даражали дипломи ва пул мукофоти билан тақдирланди.
Ҳозирги кунда ЖССМда жами 10 нафар ходим ўз фаолиятини олиб бормоқда, шулардан ЖССМ директори профессор Б.М.Маматқулов, доцентлар Д.А.Касимова, М.Р.Тоирова, катта ўқитувчилар Р.И.Азимов, Г.С.Авезова, ассистентлар И.Р.Уразалиева, З.У.Адилова, Ш.А.Инаков, Б.Адилова.
Тиббиёт фанлари доктори, профессор Маматқулов Бахромжон Маматқулович. Жамоат соғлиғини сақлаш мактаби асосчиси. У 2006 йил мактаб очилгандан ҳозирги кунгачаЖССМ директори лавозимида ишлаб келмоқда. Маматкулов Бахромжон Тошкент давлат тиббиёт институтининг Санитария-гигиена факультетини 1972 йилда тугаллаган.
1972 йилдан-1990йилгача Тошкент давлат тиббиёт институтининг “Ижтимоий гигиена ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш” кафедрасида стажёр-тадқиқотчи, ассистент ва доцент лавозимларида ишлаган. 1982 йили номзодлик, 1997йили докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1990-1992 йилларда Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи муовини, 1992-2000 йилларда Иккинчи Тошкент давлат тиббиёт институти Фарғона филиалининг декани, “Ижтимоий гигиена ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш” кафедраси мудири лавозимларида ишлаган. 2001-2006йилларда Иккинчи Тошкент давлат тиббиёт институти, кейинчалик Тошкент тиббиёт академияси Жамоат саломатлиги, соғлиқни сақлашни ташкил этиш ва бошқариш кафедраси кафедра мудири, 2005-2008 йилларда Тошкент тиббиёт академияси Магистратура бўлими бошлиғи лавозимларида ишлаган. 2006 йил мактаб очилгандан ҳозирги кунгача ЖССМ директори лавозимида ишлаб келмоқда.
Б.М.Маматқулов томонидан 10 нафар тиббиёт фанлари номзодлари, 50 дан ортиқ соғлиқни сақлашни бошқариш, жамоат саломатлиги ҳамда олий ҳамширалик иши мутахассислиги бўйича магистрлар тайёрланган. Ҳозирда унинг раҳбарлигида 3та докторлик диссертациялари тайёрланмоқда. Сўнгги йилларда профессор Б.М.Маматқулов томонидан 5 та дарслик, 7 та ўқув қўлланмалар, 4 та монография, 35та ўқув услубий қўлланма, 200дан ортиқ илмий мақолалар чоп этилган , ушбу мақолаларнинг 30 дан ортиғи нуфузли чет эл журналларида чоп этилган.
Жамоат соғлиғини сақлаш мактаби ҳодимлари тиббиётнинг долзарб муаммоларидан бири бўлган “Аҳолининг айрим гуруҳлари саломатлиги ,хавф омиллари ва уларни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш” мавзусида илмий ишлар олиб бормоқдалар.
ЖССМнинг профессор-ўқитувчилари томонидан охирги 10 йил ичида жами 250 дан кўпроқ республикамиз ва хорижий давлатларнинг тиббиётга оид журналларида илмий мақолалар чоп этилди.
ЖССМда юқори малакали магистрлар-соғлиқни сақлаш менежерлари ва раҳбарларини тайёрлаш учун 15 дона Интернет ва локал тармоққа уланган стационар компьютерлар, 2 дона принтер, 1 дона сканер, ЖССМ библиотекасида 1538 дона ўқув адабиётлари (ўзбек тилида 1267 дона, рус тилида 98 дона, инглиз тилида 173 дона), 30 дан ортиқ СД дискда электрон ўқув материаллари ҳамда 100 дан ортиқ ўқув видео материаллари мавжуддир.
Жамоат соғлиғини сақлаш мактабида чоп этилган дарсликлар, монографиялар ва ўқув қўлланмалар:
- Б.М.Маматқулов, Д.Қосимова. Соғлиқни сақлаш менежменти ва иқтисодиёти. Тиббиёт олий ўқув юртлари магистратураси барча йўналишлари талабалари учун дарслик. “VORIS-NASHRIYOT” Тошкент, 2015, 238бет;
- Б.М.Маматкулов, З.Адилова, С.Мирзабаева. Илмий текшириш ишларини амалиётда қўллаш (Далилларга асосланган тиббиёт). Тиббиёт олий ўқув юртларининг “Олий ҳамширалик иши” йўналиши талабалари учун учун дарслик. “VORIS-NASHRIYOT” Тошкент, 2015, 78 бет;
- Б.М.Маматқулов, Н.С.Шарипова. Бронхиал астма (эпидемиология, хавф омиллари, беморларнинг ҳаёт сифати). Монография. Файз принт полиграф нашриёти. Тошкент 2015, 218 бет.
- Б.М.Маматқулов. Жамоат саломатлиги ва соғлиқни сақлашни бошқариш. Тиббиёт олий ўқув юртлари талабалари учун дарслик, Тошкент, Илм-зиё, 2014, 574 бет;
- Б.М.Маматқулов, Ла Морт, Н.Рахманова. Клиническая эпидемиология – основы доказательной медицины. Тиббиёт олий ўқув юртлари магистр талабалари учун ўқув қўлланма. Тошкент -2011, 470 бет;
- Б.М.Маматқулов. Тиббиёт статистикаси (биостатистика) асослари. Тиббиёт олий ўқув юртлари талабалари учун ўқув қўлланма. Тошкент– 2005, 140 бет;
- Б.М.Маматқулов. Президент Ислом Каримовнинг 2012 йилнинг асосий якунлари ва 2013 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасини ўрганиш бўйича ўқув қўлланма. Тиббиёт олий ўқув юртлари талабалари учун ўқув қўлланма.Ўқитувчи нашриёти, Тошкент -2013, 170-192 бетлар;
- Б.М.Маматқулов, Б.Буше, Н.Рахманова ва б. Руководство по повышению качества в здравоохранении. Тиббиёт олий ўқув юртлари магистр талабалари учун ўқув қўлланма. Тошкент-2013, 117 бет;
- Б.М.Маматқулов, Д.А.Касимова. Соғлиқни сақлаш менежменти ва иқтисодиёти. Тиббиёт олий ўқув юртлари магистр талабалари учун дарслик. Тошкент-2015 йил, 225 бет;
- Б.М.Маматқулов, Б.А.Умаров. Ўзбекистон Республикасида санитария эпидемиология хизматини ташкил этиш асослари. Тиббиёт олий ўқув юртлари талабалари учун амалий машғулотдан ўқув қўлланма. Тошкент – 2011, 211 бет;
- Б.М.Маматқулов, О.Р.Тешаев ва б. Ўқитувчилар учун презентация ва интерактив ўқитиш усулларни ҳосил қилиш бўйича қўлланма. Тошкент – 2011, 92 бет;
- Н.Рахманова ва б. Внедрение проектов повышения качества медицинского обслуживания на уровне первичного звена здравоохранения.Учебное пособие. Ташкент- 2007;
- Б.М.Маматқулов, И.К.Абдуллаев, Б.А.Дусчанов ва б. Аёллар саломатлигини ижтимоий-экологик омиллари ва турмуш тарзи. Монография.Тошкент -2006, 207 бет.
- Б.М.Маматқулов, Т.И.Искандаров. Санитария-статистик ва ижтимоий тадқиқот услублари. Монография. Тошкент-1994,201 бет.
- Б.М.Маматқулов. Ўзбекистонда аҳоли саломатлиги ва соғлиқни сақлаш // Жамоат соғлиғини сақлаш: янги фан асослари, 2-қисм. Тиббиёт олий ўқув юртлари талабалари учун дарслик.Тошкент – 2003.459-503б.
- Р.И.Азимов, М.Ахмедов, Б.Речел ва б. Узбекистан: Обзор системы здравоохранения. Ташкент, представительство ВОЗ РУз – 2007. 281 б.
- R.Azimov, M.Ahmedov, B.Rechel. Uzbekistan: Health system review. Tashkent, WHO 2007. 206 б.
Жамоат соғлиғини сақлаш мактаби ходимлари ҳамда ушбу мактаб магистратура талабалари Дунёнинг етакчи халқаро ташкилотлари ва Университетларида (Жахон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, АҚШ (University of Kentucky College of Public Health), Оврўпа мамлакатлари (European School for Maternal, Newborn, Child and Adolescent Health), Россия (Санкт-Петербургская Медицинская Академия), Япония, Таиланд (Prince of Songkla University) мунтазам равишда ўз малакаларини ошириш билан бир қаторда Республикамизнинг етакчи соғлиқни сақлаш муассасалари (“Ўзбекистон республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, Саломатлик-3” проектини амалга ошириш марказий бюроси, Республика саломатлик ва тиббий статистика институти, ТТА 1 ва 2-клиникалари, Тошкент шаҳри туман тиббиёт бирлашмалари, ДСЭНМлар, тиббиёт коллежлари) билан ҳамкорлик шартномаларини тузган ҳолда ЖССМ нинг магистратура талабалари учун ўқув амалиёти базалари сифатида фойдаланиб ўзаро ҳамкорлик фаолиятларини олиб бормоқда.